Бангладешда содир бўлган йирик ёнғиндан хулоса ва сабоқлар
Оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, жорий йил 20 февраль куни Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрининг қадимий қисмида жойлашган 4 қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлиб, қисқа вақт ичида қўшни биноларга тарқалган.
Ёнғинга қарши кураш хизмати раҳбарининг «Франс пресс» матбуот агентлигига берган хабарига кўра, 2019 йил 20 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 23:40 да бошланиб, 21 февраль соат 12:13 да бартараф этилган ушбу ёнғин оқибатида 110 киши ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши куйиш тан жароҳати олган.
Юз берган ушбу ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бангладеш халқига, Президент Абдул Ҳамид ва Бош вазир Шайх Ҳасина Вазедга чуқур таъзия изҳор этди.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ушбу маълумотлар билан танишган кишида табиий саволлар туғилади:
Хўш, кўп сонли аҳоли истиқомат қилаётган Дакка шаҳрининг қоқ марказида содир бўлган бу офатга нима сабаб бўлди? Нима учун қисқа вақт ичида ёнғиннинг қўшни биноларга тарқалишига йўл қўйилди?
Расмий маълумотларга кўра, ёнғин тўрт қаватли уйнинг биринчи қаватида шаҳарсозлик меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда қурилиб фаолият кўрсатаётган кимё омборхонасида газ баллонидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бузилиши оқибатида содир бўлиб, қисқа вақт ичида бинонинг юқори қаватлари ва қўшни тўртта бинога тарқалган. Ёнғин оқибатида бинонинг биринчи қаватидаги ресторанга ташриф буюрганлар ҳамда тўй маросими меҳмонлари ҳам вафот этган.
Бундан ташқари, ёнғин содир бўлган жой – Чавкбазар Дакка шаҳрининг қадимий ҳудуди бўлиб, бинолари бундан тахминан 400 йил олдин қурилган, кўчалари тор ва ҳар хил қурилмалар билан тўсиб қўйилган, Бу ерда кимё саноати ривожланган, унинг атрофида кўплаб парфюмерия заводлари жойлашган. Шаҳар кўчаларидаги симёғочларда хавфсизлик талабларига зид равишда юзлаб электр кабеллари тортилган. Энг хавфлиси, аҳоли турар жойларидаги хоналар ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилиб, биринчи қаватларида эса кўплаб кимё моллари ва маиший газ баллонлари сақланишига йўл қўйилган. Ваҳоланки, ушбу ҳудудда 2010 йилда содир бўлган мудҳиш ёнғин (124 кишини ҳаётдан олиб кетган)дан кейин, ҳукумат томонидан аҳоли турар жойларида кимё моллари ва маиший газ баллонлари сақлаш расман таъқиқланганига қарамай, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаган.
Кўриниб турибдики, ушбу ёнғинга газ баллонидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бузилиши тахминий сабаб бўлиб, ёнғин содир бўлган ҳудудда шаҳарсозлик меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмагани натижасида ёнғин қисқа вақт ичида бинонинг юқори қаватлари ҳамда қўшни биноларга тарқалиб, кўплаб инсонларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган.
Бундай нохуш ҳолат мамлакатимизда содир бўлмаслигига кафолат борми? Бундай мудҳиш воқеаларга йўл қўймаслик учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим?
Бангладеш пойтахтида содир бўлган ёнғин ҳар бир юртдошимизга маиший газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ёки улардан нотўғри фойдаланиш қандай фожиага олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.
Сўнгги йилларда юртимизда аҳоли фаровонлигини янада ошириш йўлида олиб борилаётган «Обод маҳалла» дастури доирасида газ аҳоли хонадонларига фақат қувур орқали эмас, балки суюлтирилган газ баллонлари орқали ҳам етказиб берилмоқда. «Ўзтрансгаз» АЖ маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимиз бўйича истеъмолчиларда 10,51 млн. дона газ ускунаси мавжуд бўлиб, уларга ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан хизмат кўрсатилади. Демак, газ ускуналари ва суюлтирилган газ баллонларини ўрнатиш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини ҳар биримиз билишимиз ва уларга риоя қилишимиз муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда амалдаги ҳужжатлар ижросига масъул давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ёнғин хавфсизлиги, жумладан, газ баллонлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун олиб борилиши лозим бўлган профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари талабларини кенг жамоатчиликка мақсадли ва самарали тушунтириш ишлари натижадорлиги ҳамда тизимлилигини таъминлаш лозим. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган кўп сонли идоравий-меъёрий ҳужжатларнинг аксарияти 1990-2000 йилларда қабул қилинган бўлиб, уларда эскирган ва бозор механизмлари талабларига жавоб бермайдиган нормалар ҳам мавжуд. Қолаверса, ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ меъёрий қоидаларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, юридик коллизиялар (бир-бирига зид қоидалар) ҳамда такрорланишлар мавжудлиги нафақат аҳоли, балки бевосита тизим ходимлари томонидан ҳам ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли тушунмовчиликларга, чалкашликларга олиб келмоқда.
Масалан, газ баллонидан фойдаланишга оид меъёрий ҳужжатлар талаблари бўйича «Аҳоли кўп йиғиладиган масканлар учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари»нинг 2.2-бандида ошхонадаги ва бошқа плиталарни газ билан таъминлайдиган газли баллон сиғимлари (12 литр ҳажмдан юқори бўлса) бинога кириш жойидан 5 метрдан кам бўлмаган масофада, деворнинг эшик ромлари ўрнатилмаган томонига ёнмайдиган материалдан қурилган алоҳида хона ёки махсус қутига ўрнатилиши, бунда баллонлар сони 3 тадан кўп бўлмаслиги зарурлиги белгилаб қўйилган. Аммо, «Газ таъминоти. Лойиҳалар меъёрлари» нинг 9.44-бандида бино ичкарисида ўрнатиладиган газ баллонлари сони 1 тадан ошмаслиги, бинонинг қаватлари сони иккитадан кўп бўлса, газ баллони ускуналари ўрнатилмаслиги, фуқароларнинг шахсий мулки бўлган икки қаватли биноларнинг фақатгина биринчи қаватида газ баллони ускуналарини ўрнатишга рухсат берилиши белгиланган. Учинчи меъёрий ҳужжатда эса аксинча, яъни «Газ хўжалигидан техник фойдаланиш қоидалари»нинг 533-бандига кўра, бино ичкарисида баллон жойлаштирилганда, ҳажми 55 литр бўлган битта ёки ҳажми 27 литр бўлган иккита газ баллони (биттаси захира) ўрнатилишига рухсат берилади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, газ баллонларини ўрнатишга оид меъёрий ҳужжатлар талабларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда уларда газ баллони ускунали жавоннинг ўрнатилиши шартлигини, техник шартлар ва баллонлар сонини ягона тарзда белгилаш зарурияти мавжуд.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури»нинг 36-банди талабларига эътибор қаратиш зарур. Жумладан, мазкур бандда барча техник талаблар (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар ва техник нормативлар) ни хатловдан ўтказиш, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда самарасиз, эскирган ва бозор механизмлари ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган бўлиб, унинг ижросини таъминлаш давр талаби ҳисобланади.
Бошқача айтганда, мамлакатимизда мавжуд 300 га яқин қурилиш ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда 60 га яқин ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўрганиш ва баҳолаш, уларни замонавий талаблар ва мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда қайта ишлаб чиқиш ҳамда уларни ягона ҳужжатда кодификациялаш мақсадга мувофиқдир. Бу борада назаримизда, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда уларни тизимлаштириш ва ягона қонунчилик базасини яратиш мақсадида яхлит хужжат, яъни «Ёнғин хавфсизлиги талабларига оид техник регламент тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш лозим. Буни мамлакатимизда ҳуқуқ ижодкорлигини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатлар ҳам талаб этади.
Хорижий тажриба ушбу ёндашувнинг долзарблигини кўрсатмоқда. Мисол учун, 2008 йилда Россия Федерациясида қабул қилинган тегишли қонун икки мингта ҳужжатда ўз аксини топган 150 мингдан ортиқ ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ мажбурий талабларни ҳамда 200 дан зиёд миллий стандартлардаги 1500 та ихтиёрий талабларни ўзида уйғунлаштирган. Бунинг натижасида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат сони қариийб 10 баробар қисқартирилган.
Маълумки, суюлтирилган (пропан, бутан) ва сиқилган (метан) газларни тўлдириш ва сақлашда фойдаланиладиган газ баллонида паспорт маълумотлари (ишлаб чиқарган корхонаси, баллон рақами, ишлаб чиқариш санаси, кейинги синов санаси, ишчи ва синов босими, ОТК тамғаси) кўрсатилиши, уларни қайта текшириш 5 йилда бир марта ўтказилиши ва кейинги синов санаси ёзиб қўйилиши лозим.
Таҳлилларга кўра, газ баллонлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқиш сабаблари қуйидаги ҳолатларда содир этилмоқда:
биринчидан, баллондан газни юқори тезликда олиш, газ жўмрак орқали ўтиб, баллондаги чиқиш жойини электрлаштириши ва учқун ҳосил қилиши оқибатида;
иккинчидан, баллондаги газ босимининг белгиланган меъёрдан ошиши оқибатида (хусусан, баллондаги юқори босимнинг қуёш нури ёки бошқа иссиқлик манбаи таъсирида портлаши);
учинчидан, баллон металининг емирилиши натижасида деворининг юпқаланиши ёки баллонни тайёрлашда талабга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланганда ёхуд қишки вақтда ҳаво ҳароратининг пасайиши билан баллон металининг пластиклик хусусиятини йўқотиши ёйинки зарб етказилганда баллон металининг парчаланиши оқибатида;
тўртинчидан, баллонларнинг техник созлиги ва яроқлилиги махсус рухсатномага эга бўлган ташкилотлар томонидан текширувдан, яъни махсус лабораторияда синовдан ўз вақтида ўтказилмасдан узоқ вақт давомида эксплуатация қилиниши оқибатида.
Мухтасар айтганда, айнан ёнғин хавфсизлиги қоидаларида табиий газ ва суюлтирилган газ баллони ускуналарига бўлган талаблар белгилаб берилганига қарамай, амалиётда истеъмолчилар газ ускунасини ўрнатиш ва улардан нотўғри фойдаланиши оқибатида юқори босим (одатда, ишчи босим 160 атм) остидаги ёнувчан газ портлаши билан боғлиқ аянчли ҳодисалар содир этилишига йўл қўйилмоқда. Демак, газ баллони билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқиш сабаблари ва унинг инсон ҳаёти учун қанчалик хавфли экани, бу ҳолатга йўл қўймаслик чораларига бағишланган тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ҳамда таъсирчанлигини ошириш – олдимизда турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Яна бир ҳолат – газлаштирилган хоналарда газ баллонлари хона иситиш тизимининг радиатори ёки иситиш печидан, газ плитасидан, бошқа электр иситиш мосламаларидан ва очиқ алангали иситиш манбаларидан узоқлик масофасининг турлича белгиланганидадир. Масалан, «Ўзбекистон Республикаси худудида рўзғорда газдан фойдаланиш қоидалари»нинг 18.17-бандига мувофиқ газлаштирилган хоналарда газ баллони хона иситиш тизимининг радиаторидан ва иситиш печидан 1 метрдан кам, иситиш печи дарчасидан 2 метрдан кам масофада жойлаштирилиши мумкин эмас. «Нефть саноатида ёнғин хавфсизлиги қоидалари»нинг 304-бандида эса «газ баллонлари, шунингдек, ёнувчи суюқлик солинган аппаратлар иситиш асбобларидан ҳамда иссиқликни тарқатиш манбаи ва очиқ оловли ўчоқлардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада ўрнатилиши шарт» экани назарда тутилган.
Бундай юридик коллизиялар амалиётда бир турдаги газ баллонларини иситиш асбобларидан ҳамда иссиқликни тарқатиш манбаи ва очиқ оловли ўчоқлардан турли масофаларда ўрнатишга шароит яратмоқда.
Газ баллонларини ўрнатиш, сақлаш ва синовдан ўтказиш тартиби қандай?
Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, баллон металининг емирилиши натижасида деворининг юпқаланиши ёки баллонни тайёрлашда талабга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланганда ёхуд қишки вақтда ҳаво ҳарорати пасайиши билан баллон метали пластиклик хусусиятини йўқотиши ёйинки зарб етказилганда баллон металининг парчаланиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидалари»га мувофиқ, тўлдирилган баллонлар вертикал (тик) ҳолда сақланиши ва унинг йиқилмаслиги учун барча чоралар кўрилиши шарт.
Баллонлар узоқ вақт давомида эксплуатация қилиниши давомида портлаши ёки ёрилишининг олдини олиш учун уларнинг техник созлиги ва яроқлилиги махсус рухсатномага эга бўлган ташкилотлар томонидан ўз вақтида (5 йилдан кам бўлмаган муддатда) текширувдан, яъни махсус лабораторияда синовдан ўтказилиши шарт. Аммо, содир бўлган ҳодисаларнинг аксариятида истеъмолчилар томонидан газ баллонлари якка тартибда харид қилингани ёки уларнинг олдиндан мавжудлиги, баллонларнинг синовдан ўтказилмасдан, яширин тарзда газ қуйиш шохобчалари ҳамда транспорт воситаларидаги газ баллонларидан тўлдирилиши, узоқ муддат давомида улардан фойдаланиб келиш ҳолатлари кузатилмоқда. Назаримизда, синовдан ўтмаган газ баллонларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ҳамда махсус рухсатномага эга бўлмаган жойлардан тўлдирилишининг олдини олиш учун қонунчиликка тегишли қўшимчалар киритиш лозим.
Хулоса қилиб айтиш жоизки, Бангладешда содир бўлган йирик ёнғиндан ҳар биримиз хулоса чиқаришимиз, газ баллони билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган профилактик чора-тадбирлар таъминланиши учун барчамиз ҳаракат қилишимиз зарур. Бу борада энг аввало, аҳолининг табиий газ ва суюлтирилган газ баллони ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш маданиятини ошириш, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этилишини эса кундалик дастуриламал меъёрга айлантириш лозим.
Нуриддин Норматов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи,
юридик фанлар доктори.
Кенес Тультеев,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Ёнғин хавфсизлиги институти
кафедра бошлиғи
')}
Чоп этилган
Tags
Ўхшаш хабарлар
MORE
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти ўқув курслари саф қисми курсантлари ўртасида “Маънавиятнинг ...
2019 йил 27 февраль Ёнғин хавфсизлиги институтида «Ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлашда инновацион ёндашув, илми...
Батафсил
45

Ёнғин хавфсизлиги институтида «Ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлашда инновацион ёндашув, илмий ишланмалар ва замон...