ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ИНСТИТУТИДА ЁШЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтида «Барчаси ўз қўлингда» тарғибот декадаси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сергели тумани Кенгаши билан ҳамкорликда «Ҳуқуқ ва бурч» шиори остида ўқувчи ёшлар иштирокида «Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Мазкур тадбирда Сергели тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар ва Сергели туман кенгашлари масъул ходимлари, бошланғич ташкилотлар етакчилари,  маҳалла фаоллари, психологлар, профилактик ҳисобда турувчи ёшлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этишди.

Институт бошлиғининг ўринбосари А.Ахмадходжаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари учун кенг шарт-шароитлар яратиш, уларни турли салбий иллатлардан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Тадбирда гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик каби иллатлар инсоният келажагига таҳдид солаётган энг хавфли муаммолардан бири экани қайд этилди.

– Юртимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида тегишли дастурлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Институтдаги бошланғич ташкилоти етакчиси Рустам Чориев. – Жумладан, мамлакатимиздаги барча таълим масканлари, ёшлар фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларда ички ишлар ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда олдимизда турган устувор вазифалардан бири – бу ёшлар ўртасида ўғирлик, турли психотроп дори воситалари қабул қилиш, ўз жонига қасд қилиш каби нохуш ҳолатларни олдини олиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда мамлакатда рўй бераётган янгиликлар ва ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш ҳамда турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишдир. Ўтказилган тадбирда ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини янада тўлақонли англаб етишларига кўмаклашиш, қалбларида Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда имкониятларда самарали фойдаланиш, жамиятимиз учун ҳар томонлама муносиб фарзандлар бўлиб етишишлари ҳақида батафсил маълумотлар ва тавсиялар берилди.

Шундан сўнг, Институт ҳудудида жойлашган руҳий тайёргарлик йўлакчаларида мавжуд снарядлардан ўтиш, ўқув минорасининг 4-қаватидан ўзини ўзи қутқариш ҳамда ишғол қилиш нарвони билан 4-қаватга кўтарилиш, ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича жанговар ёйилиш, қўл жанги машқлари намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу тадбир муҳим аҳамиятга эга эканлиги, Президентимиз томонидан ёшларга яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги эътироф этилди.

ИИВ Ёнғин хавфсизлиги

институти ходими

Хуршид Махамадиев

')}

Автор
admin