Институт тарихи
ИНСТИТУТ ТАРИХИ
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ички ишлар органларининг Ёнғиндан сақлаш хизмати учун ўрта бошлиқлар таркиби ходимларини тайёрлаш ишлари 1969 йил июль ойида Тошкент шаҳри, Сергели туманида Ёнғиндан сақлаш офицерларини тайёрлаш ўқув курслари (11 ойлик)ни ташкил этишдан бошланган. Мазкур ўқув курси 16 йил давомида Марказий Осиёда ички ишлар органларининг Ёнғиндан сақлаш хизмати ўрта бошлиқлар таркибига бўлган эҳтиёжини қондириб келди.
Марказий Осиё республикалари ички ишлар органларида олий маълумотли ёнғин хавфсизлиги хизмати мутахассисларига бўлган катта эҳтиёжни инобатга олиб, собиқ Совет Иттифоқ Вазирлар Кенгашининг 1977 йил 15 июндаги 654-сонли Қарори асосида собиқ Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлиги Ёнғиндан сақлаш олий техник муҳандислари мактабининг Тошкент шаҳрида факультети ташкил этилди.
Ўз фаолиятини 1978 йилдан бошлаган ушбу факультет Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгунга қадар собиқ Совет Иттифоқи ички ишлар органлари Ёнғиндан сақлаш хизмати учун 1600дан ортиқ юқори малакали мутахассис кадрларни тайёрлаб берди.
Марказий Осиё Республикалари ички ишлар органлари Ёнғиндан сақлаш хизматига мутахассислар тайёрлаш ҳақида гап кетганда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент Ёнғиндан сақлаш техник билим юртининг фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур билим юрти 1985 йилда Ёнғиндан сақлаш офицерларини тайёрлаш ўқув курслари базасида ташкил этилиб, 1992 йилга қадар Марказий Осиё республикалари учун 700 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлаб берди.
Мустақиллик шарофати билан барча соҳалардаги туб ислоҳотлар ИИВ тасарруфидаги олийгоҳлар тизимида, жумладан, Ёнғин хавфсизлиги институти ҳаётида ҳам янги ва улкан ўзгаришлар амалга оширилди. 1993 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғиндан сақлаш олий техник мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 404-сонли Қарорини имзолади. Мазкур Қарорга кўра собиқ Совет Иттифоқ Ички ишлар вазирлигига қарашли Ёнғиндан сақлаш олий техник муҳандислик мактабининг Тошкент факультети ва Тошкент Ёнғиндан сақлаш техник билим юртлари базасида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати мутахассисларини ва олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш бўйича маълум бир тизим шакллантирилди. Бу эса ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларини махсус касбий тайёргарликдан ўтган ва Давлат ёнғин назорати, ёнғинлар профилактикаси ва ёнғинларни ўчириш борасидаги тадбирларни мустақил равишда амалга оширишга лаёқатли кадрлар билан жамлаш имконини берди.
Шу билан бирга, ҳозирги кун талабидан келиб чиққан ҳолда илғор педагогик технологиялар асосида ёнғин хавфсизлиги инспекторларини тайёрлаш, уларни малакасини оширишнинг ягона тизимини яратиш, соҳага оид фундаментал ва амалий-илмий тадқиқотларни ривожлантириш, олий таълим даргоҳининг моддий-техник базасини тубдан янгилаш ҳамда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг кадрлар салоҳиятини яхшилаш мақсадида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5005-сонли Фармони билан Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби Ёнғин хавфсизлиги институтига айлантирилди.
Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2991-сон Қарори Ёнғин хавфсизлиги институти ҳаётида том маънодаги янги даврни бошлаб берди.