Касбий бошқарув ва ҳуқуқ кафедраси

КАСБИЙ БОШҚАРУВ ВА ҲУҚУҚ КАФЕДРАСИ

Тультеев Кенес Товасович – кафедра бошлиғи, подполковник.

КАФЕДРА ЙЎНАЛИШИ

Кафедранинг мақсади – ички ишлар органлари фаолиятида фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ёнғинларнинг олдини олиш ишларини ташкил қилиш ва бу ишларни «Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш – энг устувор вазифа» тамойили асосида амалга ошириш, ёнғиндан сақлаш хизмати фаолиятини ташкиллаштириш, бошқариш ва иш юритиш йўналишларига доир ихтисослик ва ҳуқуқий фанлар бўйича ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни олиб бориш, шунингдек, мазкур йўналишлардаги илмий-педагогик кадрларни тайёрлашдан иборат.

Кафедранинг вазифаси:

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

«Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича курсантларда

  • ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида эришилган ютуқлар ва уларнинг ривожланиш истиқболлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиши;
  • ёнғинлар профилактикаси тизимининг шаклланиши, бу соҳадаги ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари, ёнғинлар профилактикаси ҳақидаги таълимотлар;
  • ёнғинларнинг олдини олиш хизматини ҳамда унда фаолият олиб бораётган соҳавий хизматлар, жамоат тузулмалари билан ҳамкорликни ташкил этиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа, аҳоли турар ва кўп қаватли биноларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини комплекс текшириш асосларини билиш ва унда иштирок эта олиш;
  • хизмат фаолияти ва иш юритиш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган махфийлик тартиботи талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;
  • юклатилган хизмат вазифаларини бажаришда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан тўғри ишлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муносабат билдириш бўйича чуқур билимларни, касб фаолияти кўникмалари ва ўқувларини шакллантиришга замин яратиш.

«Техносфера хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича курсантларда

  • техносфера хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида эришилган асосий ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги тасаввурларни шакллантириш;
  • ёнғинлар билан боғлиқ ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ишларини ташкил этиш кўникмаларини ҳосил қилиш;
  • касб фаолиятининг кўзланган натижаларига эришишда бошқарув жараёнларини моделлаштириш ва тизимли ёндашиш борасидаги назарий билим ва амалий кўникмаларни ҳосил қилиш;
  • хизмат фаолияти ва иш юритиш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган махфийлик тартиботи талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;
  • юклатилган хизмат вазифаларини бажаришда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан тўғри ишлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муносабат билдириш бўйича чуқур билимларни, касб фаолияти кўникмалари ва ўқувларини шакллантиришга замин яратиш.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари бўйича тингловчиларда

  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати бошқарув ҳужжатларини сифатли тайёрлаш, ишини тўғри режалаштириш, ташкиллаштириш ва ижросини таъминлаш, турли вазиятларда тезкорлик билан асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш ва уларнинг ижросини ташкил этиш, куч ва воситаларини самарали бошқариш;
  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида кадрларни тўғри танлаш, жойига қўйиш ва улар билан ишлаш борасидаги фаолиятини тизимли ташкил этиш усулларини билиши;
  • ижтимоий ҳамкорлик ва жамоада ишлай олиш, жамоани ўз ортидан эргаштира олиши;
  • ўз устида мунтазам ишлаш, муваффақиятга интилиш, ташкилотчилик, етакчилик ва ташаббускорлик фазилатларини қўллай олиши;
  • қўл остидаги шахсий таркибни тарбиялаш, ўз ортидан эргаштира олиш, касбий тайёргарлигини ошириб бориш ва жамоада соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш;
  • ёнғин ва техносфера хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишида иштирок этиш;
  • ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш, ёнғинлар ва техноген характердаги фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасида профилактика ишларини талаб даражасида амалга ошириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа, аҳоли турар ва кўп қаватли биноларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли фаолиятини ташкил этиш;
  • жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ташкил этиш;
  • хизмат фаолияти ва иш юритиш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган махфийлик тартиботи талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;
  • юклатилган хизмат вазифаларини бажаришда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан тўғри ишлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муносабат билдириш бўйича чуқур билимларни, касб фаолияти кўникмалари ва ўқувларини шакллантиришга замин яратиш.

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, диссертация тадқиқотларини олиб боришда докторант, мустақил изланувчи ва изланувчиларга илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш.

 КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ДОИРАСИДА:

  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг касбий даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, соҳага оид назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар натижалари, ички ишлар органлари ва ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ислоҳотлар, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича инновациялар, шунингдек, ёнғинларнинг олдини олишни ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни тингловчиларга чуқур ўргатиш;
  • давлат аҳамиятига молик ўта муҳим ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлар, махсус тармоқлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда вазирлик ва ташкилотларнинг муҳандис-техник ходимларини ўрнатилган тартибда ёнғин хавфсизлиги асосларига ўқитиш.

ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ ДОИРАСИДА:

илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ёнғин ва техносфера хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш, уларнинг натижаларини таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилган ҳолда амалиётга татбиқ этиш, жумладан:

  • мутахассислик бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш, касб фаолиятининг кўзланган натижаларига эришишда жараёнларни моделлаштириш ва тизимли ёндашиш борасидаги илмий билим, амалий ўқув ва кўникмаларни таъминлаш;
  • тегишли илмий-тадқиқот институтлари ва илмий марказларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид долзарб мавзулар бўйича илмий тадқиқотлар ҳамда фанларни ўқитиш методикаси бўйича изланишлар олиб бориш;
  • илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда янги илмий ва амалий натижалар олиш, уларни ишлаш ва баҳолаш;
  • интернет тармоғида ёнғин хавфсизлигига оид энг янги илмий ютуқлар ҳақидаги маълумотларни мақсадга йўналган ҳолда излаш, топиш ва улардан самарали фойдаланиш;
  • ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўчиришга оид илмий тўпламлар, маҳаллий ва чет эл илмий-тадқиқот ютуқларини ўрганиш;
  • ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги муаммолар ва долзарб масалалар ечимига қаратилган илмий изланишларни бажаришда бевосита иштирок этиш;
  • республикамизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, илмий ёндашув орқали ёнғинларнинг олдини олишнинг янгича методлари ва воситаларини яратиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
  • вазирликлар, Давлат идоралари, корхона ва ташкилотларга тегишли объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга, шунингдек, янги турдаги техник ишланмалар, буюмлар, материаллар ва янги конструкторлик ишланмаларнинг намуналарини синаш ва кейинчалик уларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш ишлари бўйича амалий ёрдам бериш;
  • ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишида иштирок этиш;
  • кафедра қошида иқтидорли курсантлар илмий тўгараги ишини ташкил этиш, курсант/тингловчиларни фан ютуқлари, илмий ишланмалар, махсус ва бошқа адабиётлар билан ишлашини, муаммо ва камчиликлар устида мунтазам шуғулланишларини таъминлаш;
  • илмий-тадқиқот натижаларини ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш.

Кафедрада ўқитиладиган фанлар:

  • Юридик тайёргарлик;
  • Инсон ҳуқуқлари;
  • Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар;
  • Ёнғин хавфсизлиги хизматининг ҳуқуқий асослари;
  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолиятини ташкиллаштириш, бошқариш ва иш юритиш;
  • Давлат ёнғин назорати;
  • Амалиёт асослари;
  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида бошқарув;
  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида иш юритиш;
  • Ёнғин профилактикасида жамоатчилик билан ишлаш;
  • Ёнғин хавфсизлиги хизматида кадрлар билан ишлашни ташкил этиш;
  • Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида ахборот-таҳлил фаолиятини ташкил этиш.

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ

ТАЪЛИМ

Касбий бошқарув ва ҳуқуқ кафедраси институтнинг ихтисослик фанларни ўз ичига олган кафедра ҳисобланиб, кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан бириктирилган ихтисослик фанларидан олий таълим доирасида «Ёнғин хавфсизлиги» ва «Техносфера хавфсизлиги» мутахассисликлари бўйича курсантлар, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курсларида тингловчилар, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш доирасида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ходимлари ва давлат аҳамиятига эга бўлган ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ва ёнғин-портлаш хавфи юқори объектларнинг раҳбар ва инженер-техник ходимлари билан маъруза, амалий (маскан) машғулотлари олиб борилади.

Машғулотларни олиб боришда замонавий ўқитишнинг техник воситалари ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланилади. Ишчи дастурларга мувофиқ бевосита саноат корхоналарида ўтказилиши лозим бўлган маскан машғулотлари учун алоҳида дарс соатлари ажратилган.

ИЛМ-ФАН

Ҳозирги кунда кафедрада хизмат фаолияти давомида амалий салоҳият ва юқори тажрибага эга бўлган ходимлардан ҳуқуқшунослик фанлари номзоди, доцент Бори Тохтаходжаевич Акрамходжаев, Ички ишлар органлари ва Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг раҳбарлик лавозимларида кўп йиллар хизмат қилган Заҳид Маҳмудович Мирзааҳмедов ва Кенес Товасович Тультеевлар самарали фаолият юритиб, ёшларга ўрнак бўлиб келмоқдалар. Шунингдек, кафедранинг барча профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан доимий равишда илмий изланишлар олиб борилиши ва илмий ишлар натижаларининг ўқув жараёнига кенг жорий этилиши йўлга қўйилган. Кафедранинг «Республика миқёсидаги шаҳарларда ёнғинлар билан боғлиқ тезкор вазиятнинг статистик таҳлили ва асосий меъёрий кўрсаткичларни прогноз қилиш» номли бош илмий мавзуси юзасидан профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари мунтазам равишда илмий мақола ва бошқа ишланмаларда ўз аксини топиб келмоқда.

Шу қаторда, бош илмий мавзу юзасидан Раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари тингловчилари ва кундузги таълим курсантлари томонидан ҳам битирув малакавий ишлари бажарилмоқда. Унда асосий эътибор Республикадаги шаҳар ва туманларидаги ёнғинлар билан боғлиқ тезкор вазиятнинг таҳлили ҳамда ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожланишини инобатга олган ҳолда ҳудуднинг ёнғиндан муҳофазасини таъминлаш ишларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.

Кафедра доценти Б.Т.Акрамходжаев раҳбарлигида олий ўқув юртидан кейинги таълим доирасида «Жиноят жараёни» йўналишида икки нафар тадқиқотчилар Тошкент давлат юридик институтнинг Ихтисослаштирилган кенгашида номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, «Юридик фанлар номзоди» илмий даражасига эга бўлганликлари мақтовга сазовор. Шунингдек, Б.Т.Акрамходжаев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят-процессуал кодексига шарҳлар, «Жиноят жараёни» ва «Криминалистика» фанларидан чоп этилган дарсликлар ва бошқа бир қатор қўлланмаларнинг ҳам муаллифидир. Унинг асосий илмий изланиши Ўзбекистонда жиноятдан жабр чеккан шахсларга нисбатан халқаро ҳуқуқий ҳимоялаш ва ҳуқуқларини тиклаш ҳужжатларини татбиқ этилиши билан боғлиқ ва шу асосда ҳуқуқни тиклаш одил судловини ташкил этишга қаратилган.

Кафедра катта ўқитувчиси А.Б.Ахмедов Институтнинг ёнғин хавфсизлиги тизимидаги муаммолар ва долзарб масалалар ечимига қаратилган илмий изланишларни ривожлантириш стратегияси асосида республикадаги содир бўлаётган ёнғинларнинг тафсилотларини таҳлиллар бўйича ўрганиш ва Институтнинг бош илмий мавзулари йўналишидаги «Ёнғин оқибатида жабрланганларнинг ҳаёти, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарни қоплашда Давлат иштирокини камайтириш мақсадида, ёнғинга қарши суғурталашнинг самарали тизимини яратиш» мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда.

АМАЛИЁТ

Кафедра зиммасига Саф қисми 3-курс курсантларининг «Смена бошлиғи» ва «Инспектор» лавозимларида амалиёт ўташларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилган. Малакавий амалиёт дастурига асосан ҳар йили амалиёт икки босқичда амалга оширилади. 1-босқичи Институт Ўқув ёнғин ўчириш қисмида «Смена бошлиғи» лавозимида ҳамда 2-босқичи Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмларида «Смена бошлиғи» ва «Инспектор» лавозимларида ташкил қилинади.

Малакавий амалиётнинг асосий мақсади курсантлар томонидан назарий билимларни ўзлаштиришни амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб боришни таъминлаш, чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг ёнғин билан боғлиқ реал ва кескин вазиятлар учун руҳий ва жисмоний тайёргарлигини таъминлаш, қатъий қарорлар қабул қилиш кўникмаларини, келгусида тайинланадиган лавозимлар бўйича касбий маҳорат ҳамда амалий иш кўникмаларини ҳосил қилиш, юксак касбий тайёргарлигини, мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий ва жисмоний меҳнатга бўлган қобилиятини шакллантиришдан иборат.

САЙЁР ЎҚУВ ЙИҒИНЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2991-сонли Қарори асосида Институт профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан йилда бир марта республиканинг ҳар бир ҳудудида натижалари юзасидан тест синовлари қабул қилинадиган ва тегишли сертификатлар бериладиган объект раҳбарларининг комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил қилинмоқда.

Кафедра профессор-ўқитувчилари 2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилган ўқув йиғинларида, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ДЁХХ ёнғинлар профилактикаси ва ёнғин ўчиришни ташкил этиш йўналишида фаолият олиб бораётган офицерлар таркибининг касбий тайёргарлик даражаларини аниқлаш мақсадида тасдиқланган режа асосида тест синовларидан ўтказилишида ҳам фаол иштирок этдилар.

Кафедранинг профессор-ўқитувчилари ДЁХХ бўлинмалари шахсий таркиби билан ташкил этилган сайёр амалий машғулотлар ўтказиш ва ёнғин профилактик-тушунтириш тадбирларни амалга оширишда доимий равишда фаол иштирок этиб келмоқдалар.

ТУРДОШ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ, ТАШКИЛОТ ВА МУАССАСАЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Тажриба алмашиш ва назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги турдош ОТМлари ва амалий идоралар билан яқин алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик меморандумлари тузилган ва самарали ишлар олиб борилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси «Ички ишлар идораларида бошқарувни ташкил этиш»;
  • Тошкент Давлат юридик университети «Фуқаролик процессуал ва хўжалик процессуал ҳуқуқи» кафедраси;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББнинг «Ёнғин назорати ва профилактикаси бўлими»;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББнинг «Кадрлар бўлими»;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББнинг «Ахборот-таҳлил бўлими»;
  •  Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББнинг «Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник таъминлаш маркази».

Шунингдек, республикамизда мавжуд бўлган маданий-оқартув муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан кафедра фанларидан машғулотларни масканларда ўтказиш мақсадида «Истиқлол», «Туркистон» санъат саройлари, «Uztex Toshkent» МЧЖ қўшма корхонаси, «Тошкент тола» МЧЖ минтақавий пахта терминали каби бир қатор йирик корхоналар билан ҳам ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

МАЛАКА ОШИРИШ

Кафедрада Институтнинг малака ошириш ва стажировка ўташ режалари асосида ёш ўқитувчиларнинг амалий идораларда стажировка ўташлари ҳамда тажрибали педагог ҳодимларнинг тегишли Олий таълим муассасаларида малака оширишлари йўлга қўйилган. Сўнгги йиллар давомида кафедранинг 2 нафар ходимлари стажировка ўтаган ва 3 нафари Тошкент давлат педогогика университети ҳузуридаги педогогик кадрларни қайта тайёрлаш ва ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида муваффақиятли малака ошириб қайтдилар.

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ НАТИЖАЛАРИ

НАШРЛАР

Кафедрада олиб борилаётган услубий ва илмий ишларнинг натижаларини ўқув жараёни ва амалиётга татбиқ этиш ва фанлар бўйича ўқув-услубий материалларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш мақсадида ИИВ олий таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари, ички ишлар органлари ва давлат ёнғин хавфсизлиги ходимлари учун сўнгги йиллар давомида бир қатор янги ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланиб, нашр этилган, жумладан:

  • 2013 йилда «Экспертизанинг ёнғин хавфсизлиги тизимидаги концептуал муаммолари тўғрисида»ги услубий қўлланма;
  • 2016 йилда «Тадбиркорлик субъектларининг объектларида ёнғинга қарши ҳолатини текшириш ва уларга таъсир чораларини қўллаш» бўйича услубий қўлланма 1-қисми;
  • 2017 йилда «Тадбиркорлик субъектларининг объектларида ёнғинга қарши ҳолатини текшириш ва уларга таъсир чораларини қўллаш» бўйича услубий қўлланма 2-қисми;
  • 2017 йилда «Аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолатини текшириш тартиби» бўйича услубий қўлланма;
  • 2017 йилда Ёнғин хавфсизлиги хизматига оид меъёрий ҳужжатлар тўплами;
  • 2017 йилда Корхона, муассаса, ташкилотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича услубий материаллар ва меъёрий ҳужжатлар тўплами.

ТАНЛОВЛАР

2016/2017-ўқув йилида мобайнида кафедра профессор-ўқитувчилари ўртасида «Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонун – фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг ишончли кафолатидир» мавзусида ўтказилган викторинада кафедра катта ўқитувчиси А.Б.Ахмедов жамоаси 2-ўринни, «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танловининг финал босқичида кафедра ходимлари раҳбарлигида 3-курс жамоаси 2-ўринни эгаллаган.