Кадрлар бошқармаси

КАДРЛАР БОШҚАРМАСИ

Бошқарма бошлиғи кадрлар, тарбиявий ишлар бўлимлари, маърифат ва маънавият маркази ҳамда тиббиёт хизмати фаолиятини назорат қилади ва ташкиллаштиради.

Кадрлар бошқармасининг тузилиши:

  • Кадрлар бўлими;
  • Тарбиявий ишлар бўлими;
  • Маърифат ва маънавият маркази;
  • Тиббиёт хизмати.

Бошқарманинг мақсади:

  • Ички ишлар органларига шахсий ишбилармонлик ва касбий фазилатларга эга кадрларни танлаш, уларни мақсадли жойлаштириш ҳамда «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» руҳида тарбиялаш;
  • ходим, курсант ва тингловчилар ўртасида маънавий-тарбиявий тадбирларни олиб бориш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва мукофотлашга доир ҳужжатларни кўриб чиқиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
  • ходим, курсант ва тингловчиларни касбий ва мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ишларини ташкил этиш.

Бошқарманинг вазифалари:

  • ходимларнинг хизмат ўташларини ташкиллаштириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш ҳамда кадрлар таркиби сифатини яхшилаш;
  • ходимларнинг хизмат ўташларини қайд қилиш ҳамда махсус унвонлар бериш;
  • ходимлар ва курсантлар ўртасида маънавий-тарбиявий тадбирларни олиб бориш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва мукофотлашга доир ҳужжатларни кўриб чиқиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
  • ички ишлар органлари фаолиятини психологик жиҳатдан таъминлаш;
  • ходимларни касбий ва мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ишларини ташкил этиш;
  • ходимларнинг жанговар, касбий ва жисмоний тайёргарлигини ошириш.

Бошқарманинг функциялари:

  • Хизматга муносиб номзодларни танлаб олиш мақсадида таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, мудофаа ишлари бўйича бошқарма (бўлим)ларда, аҳоли турар жойларида, ташкилот ва муассасаларда ҳамда оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш;
  • ходимларни лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш, хизмат муддатини узайтириш, хизматдан бўшатиш учун келиб тушган тақдимномаларни белгиланган муддатларда ўрганиб чиқиш ва ушбу масала юзасидан институт раҳбариятига таклиф киритиш;
  • махсус унвонлар бериш учун тавсия этилган ходимларнинг тавсияномаларни кўриб чиқиш ва унвон бериш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини тайёрлаш.
  • ходимларда юқори малакавий, маънавий-психологик сифатларни шакллантириш, ҳуқуқий билимларини ошириш борасидаги маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
  • ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий, кўнгилочар томошалар (фестиваллар, концертлар, театрлар) ташкил этиш;
  • ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодларни психологик ва психофизиологик ўрганиш;
  • ходимлар билан жанговар, касбий ва жисмоний тайёргарлик машғулотларини ўтказилишини таъминлаш;

Бошқарманинг фаолияти

Хизматга муносиб номзодларни танлаб олиш мақсадида таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, мудофаа ишлари бўйича бошқарма (бўлим)ларда, аҳоли турар жойларида, ташкилот ва муассасаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда;

ходим ва курсант (тингловчи)ларда юқори малакавий, маънавий-психологик сифатларни шакллантириш, ҳуқуқий билимларини ошириш борасидаги маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишини олдини олиш бўйича фахрийларни ва жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда маънавий-тарбиявий профилактик йиғилишлар ва учрашувлар, конференциялар ташкил қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Маърифат ва маънавият маркази томонидан институтнинг матбуот йўналишидаги вазифалари амалга оширилиб, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда Институт фаолиятини телевидения, радио ҳамда газета ва журналларда ёритиш ишлари ташкиллаштирилади.

Институт расмий веб сайтига ўтказиладиган тадбирлар тафсилотларини расмлар илова қилган ҳолда жойлаштириш ишларини таъминлайди.

Институт курсант (тингловчи)ларининг хизмат интизомига қўйилаётган талаблар ва одоб-ахлоқ қоидалари, бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларининг қўлланилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларининг интизом устави” талабалари асосида амалга оширилади.

Тиббиёт хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори талаблари асосида белгилайди.

Институт курсантлари (тингловчилари)га тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек таълим муассасасида санитария-эпидемиялогия ҳолатини меъёрда ушлаб туриш ва назорат қилиш Тиббиёт хизматига юклатилган. Тиббиёт хизматининг асосий вазифаси соғлиги ҳолати бўйича ўқишга ва ҳарбий хизматга яроқли курсантлар (тингловчилар) контингентини жамлаш, касалликларни олдини олиш асосида курсантлар соғлигини яхшилаш, соғломлаштириш чора-тадбирларини ўтказиш, маъмурий биноларда, умумий овқатланиш жойларида, бўлинмаларда санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилашдан, шунингдек замонавий малакали тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Институтга ўқишга танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари

Ўқишга танлаш ва қабул қилиш тартиб-қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 03 июндаги 141-сонли Қарори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг идоравий-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширилади.

Жумладан, институтдаги кундузги таълимга ўқишга, ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма беш ёшдаги ҳам, ўрта, ўрта-махсус ёки касб-ҳунар маълумотга эга, бўйи 165 сантиметрдан паст бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркаклар қабул қилинади.

Институтга ўқишга кириш истагида бўлган фуқаролар ҳар йили 15 ноябрдан қабул йилининг 15 февралига қадар ариза билан доимий прописка жойи бўйича ички ишлар органларига мурожаат этадилар.

Ариза орқали мурожаат этган номзодлар билан биринчи навбатда дастлабки танлаш тадбирлари, жойлардаги ИИББ ва ИИБларда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан 15 ноябрдан 1 апрелга қадар ўтказилади.

Институтга (хизматга) қабул қилиш тартиби

Институтга (хизматга) қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сонли Қарори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг идоравий-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширилади.

Жумладан хизматга танлов асосида, ихтиёрий тартибда ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшдаги ҳам, тегишли маълумотга эга, шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган бўйи165 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар ва 160 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчилар учун ушбу талаб ўрнатилмайди.

Зарур бўлган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган рўйхати бўйича ички ишлар органларининг айрим бўлинмалари ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта бўлган фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Хизматга ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган шахс доимий прописка жойи бўйича ички ишлар органларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 7-бандида белгиланган ҳужжатларни тақдим этади.

Хизматга қабул қилиш номзоднинг доимий прописка жойи бўйича ички ишлар органлари томонидан дастлабки ва якуний танловлар асосида амалга оширилади. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун ички ишлар органларида қабул комиссиялари тузилади.

Танловлар номзоднинг хохишига кўра давлат, қорақалпоқ ёки рус тилларида ўтказилади.

Дастлабки танлов тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • дастлабки суҳбат;
  • психологик тест;
  • умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш.

Дастлабки танловлардан муваффақиятли ўтган номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштириш ички ишлар органларининг кадрлар бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Номзоднинг тегишли ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг, унга хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссиясига йўлланма берилади.

Шахсий ҳужжатлар йиғма жилди тўлиқ расмийлаштирилиб, ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилган тақдирдагина, номзод якуний танловга қўйилади.

Якуний танлов номзод билан якка тартибдаги суҳбат шаклида ўтказилиб, суҳбат давомида унинг ақлий салоҳияти, хизмат ўташга руҳан тайёрлиги, киришимлилиги, шунингдек ходим учун зарур бўлган бошқа маънавий-ахлоқий ва касбий жиҳатдан муҳим хислатлар баҳоланади.

Якуний суҳбат натижаларига кўра номзоднинг хизматга касбий жиҳатдан яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Танловда иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди. Якуний танловда, қоида тариқасида, бир лавозимга камида иккита номзод иштирок этиши лозим.

Хизматга, мавжуд бўш лавозимларни ҳисобга олган ҳолда якуний танлов натижаларига кўра якка тартибдаги суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар қабул қилинади.

Институтдаги ўқитувчи лавозимларини эгаллаш учун танловда тегишли мутахассислик бўйича олий маълумотга (магистр, дипломли мутахассис) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қатнашиши мумкин.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сонли Қарорига асосан ҳозирда юқорида келтирилган меъёрий ҳужжатлар қайта ишлаб чиқилаётганлиги сабабли, хизматга, ўқишга қабул қилиш тартиби ва қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.