Институт ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти Республикамиз Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етук кадрлар тайёрлаш бўйича алоҳида ўринга эга олий таълим муассасалардан бири ҳисобланади.
Ёнғин хавфсизлиги институтининг фаолияти Низом асосида амалга оширилади ҳамда Ички ишлар вазирлиги тизимига киради.
Институт олий таълимнинг мутахассисликка оид ўқув дастурлари асосида таълим фаолиятини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ўқув-методик, илмий ва бошқа фаолиятларни амалга оширувчи ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2991-сон Қарорига мувофиқ Институт қўйидаги йўналишларда мутахассислар тайёрлашни амалга оширади:
- «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги – «Ёнғин назорати ва профилактика ишларини ташкил қилиш» ихтисослиги;
- «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги – «Профессионал тайёргарлик, хизмат ва ўт ўчиришни ташкил қилиш» ихтисослиги;
- «Техносфера хавфсизлиги» мутахассислиги – «Саноат ва ёнғин хавфсизлиги фаолиятини ташкил қилиш» ихтисослиги бўйича олий маълумотли, «мутахассис» малакасига эга офицер кадрларни тайёрлаш (ўқиш муддати беш йил).
- «Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида бошқарувни ташкиллаштириш» йўналишида «Ёнғин ва техносфер хавфсизлик соҳасида бошқарув ташкилотчиси» ихтисослиги бўйича Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати учун Раҳбар кадрларни тайёрлаш (ўқиш муддати бир йил).
Мазкур Қарорга мувофиқ Институтда кадрлар тайёрлашнинг бир босқичли тизими дастури асосида олинадиган олий маълумот магистр даражасига тенглаштирилган.
Институтда таълим–тарбия жараёни ва хизмат олиб боришни Ўқув жараёнини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш бўлими, Ўқув курслари саф қисми, Тарбиявий ишлар ва Ташкилий инспекторлик бўлимлари ташкил этади. Илмий тадқиқот ишлари Илмий тадқиқот ва таҳририй нашриёт фаолиятини ташкиллаштириш бўлими, Ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар маркази ва кафедралар томонидан ташкиллаштирилади ва мувофиқлаштирилади.
Молиявий-иқтисодий ва моддий-техника таъминот тегишли бўлим ва хизматлар томонидан амалга оширилади.
Ўқув — тарбия ишлари
Институтнинг тарихий шаклланиш жараёнида профессор-ўқитувчилар ва бошлиқлар таркиби ҳар доим Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати учун замон талабларига жавоб бера оладиган, касбига садоқатли, Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажаришга қодир кадрларни тайёрлашга интилиб келишган.
Курсантлар нафақат ўқув жараёнининг асосий объекти, балки бутун ўқув муассасаси ҳаётий фаолиятининг мураккаб механизми ишлаши учун мақсад ва вазифалари белгилаб берилган ҳақиқий асоси ҳисобланади. Институт кафедралари ва таркибий бўлинмаларининг ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг куч-ғайрати ўқув-тарбия жараёнининг Давлат таълим стандартлари талабларига мос келувчи юқори даражадаги самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган.
Ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришда муҳим эътибор курсантларнинг таълим олиш самарадорлинини ошириш, таълимда илғор педагогик тажриба, ўқитишнинг замонавий дидактик воситалари, ахборот ва телекоммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган усулларни жорий этиш ҳамда назария ва амалиётни биргаликда ўргатишга қаратилган.
Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 майдаги “Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2991-сонли Қарорига мувофиқ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига олий маълумотли мутахассис ходимлар ва раҳбар кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ёнғин ва техносфер хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш, ўқув жараёнига таълим беришнинг замонавий усул ва услублари, педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда масофавий ўқитишни жорий қилиш ҳамда Институтнинг моддий-техник базасини мустахкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда.