Ёнғин ўчириш техникаси фанлари кафедраси

ЁНҒИН ЎЧИРИШ ТЕХНИКАСИ ФАНЛАРИ КАФЕДРАСИ

Мусахожиев Мирсобит Баходир ўғли – кафедра бошлиғи, подполковник

КАФЕДРА ЙЎНАЛИШИ

Кафедра мақсади ёнғин ўчириш ва қутқарув техникалари ҳамда шахсий/жамоавий ҳимоя воситаларининг тузилиши ва тактик имкониятлари, уларни эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш йўналишларига доир ихтисослик фанлар бўйича ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар олиб бориш, шунингдек, мазкур йўналишдаги илмий-педагогик кадрларни тайёрлашдан иборат.

Кафедранинг вазифаси:

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

«Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича курсантларда

  • ёнғин ўчириш фаолиятини ташкил этишнинг асосий йўналишлари, мутахассислик бўйича касбий фаолияти соҳаларида эришилган асосий ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ривожланиш истиқболлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиши;
  • ёнғин ўчиришнинг тактик усуллари ва техник асбоб-анжомларини янада такомиллаштириш, бу борадаги ислоҳотлар натижалари ҳамда истиқболлари, ёнғинларни самарали ўчирилишини ташкиллаштириш ҳақидаги таълимотлар бериш;
  • ёнғин ўчириш фаолияти билан боғлиқ бўлган тадбирлар, уларнинг турлари ва шароитлари;
  • ёнғинларни ўчирилишини ташкил этиш борасида замонавий техникалар билан таъминлаш, таҳлил қилиш ва режалаштириш фаолиятини ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан белгиланган тартибда шаҳар, туман ёнғин хавфсизлиги хизмати моддий-техникавий базасини такомиллаштириб бориш;
  • «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича махсус билимларини, касб фаолияти кўникмаларини шакллантиришга замин яратиш.

«Техносфера хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича курсантларда

  • ёнғин ўчириш техникаси асослари, ёнғин ўчириш техникаси турлари, вазифалари ва қўлланиш соҳаси, ёнғин ўчириш техникасини эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнида меҳнат муҳофазаси талаблари тўғрисида тасаввурларни шакллантириш;
  • шахсий ва жамоавий ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш;
  • ёнғинларни ўчирилишини ташкил этиш борасида замонавий техникалар билан таъминлаш, таҳлил қилиш ва режалаштириш фаолиятини ташкил этиш;
  • ёнғин ўчириш техникасини лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқаришга қўйишни тартибга солувчи стандарт ва нормалар талаблари, ёнғин ўчириш техникаси ва авария-қутқарув асбоб-анжомлари билан таъминлаш меъёрлари, уларнинг турлари ва қўллаш жараёнлари, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлиги талабларини, ёнғин ўчириш ва қутқарув техникасини синовдан ўтказиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнлари, ёнғин ўчириш техникасидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигига доир билимларни шакллантиришга замин яратиш.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари бўйича тингловчиларда

  • ёнғин ўчириш техникасини ишлаб чиқаришни ва эксплуатациясини ташкил этишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни ўз фаолиятида қўллай олиши ва шахсий таркибга ўргата билишни;
  • ёнғин хавфсизлиги тизимида ёнғинларни ўчиришнинг янги тизимларини ҳамда замонавий техник воситаларни қўллаш ва мавжудларини такомиллаштиришни;
  • намуналарини синов ва сертификациядан ўтказиш тартибини билишини;
  • содир бўлган ёнғинларни ўчириш ва техноген характердаги фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш ишларига раҳбарлик қилишни;
  • ёнғин хавфсизлиги хизматининг молия ва хўжалик фаолиятини ташкил этишни;
  • меҳнат муҳофазаси талабларининг ижросини мониторингини амалга ошириш ва назорат қилиш;
  • ёнғинларни ўчирилишини ташкил этиш борасида замонавий техникалар билан таъминлаш, таҳлил қилиш ва режалаштириш фаолиятини ташкил этиш бўйича чуқур билимларни, касб фаолияти кўникмалари ва уқувларини шакллантиришга замин яратиш.

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, диссертация тадқиқотларини олиб боришда докторант, мустақил изланувчи ва изланувчиларга илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш.

КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ДОИРАСИДА:

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг касбий даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, соҳага оид назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар натижалари, технологик тараққиёт ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича инновациялар, шунингдек, ёнғинларнинг олдини олишни ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни тингловчиларга чуқур ўргатиш;

давлат аҳамиятига молик ўта муҳим ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлар, махсус тармоқлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда вазирлик ва ташкилотларнинг муҳандис-техник ходимларини ўрнатилган тартибда ёнғин хавфсизлиги асосларига ўқитиш.

 ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ ДОИРАСИДА:

ёнғин ва техносфера хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш, уларнинг натижаларини таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилган ҳолда амалиётга татбиқ этиш, жумладан:

  • мутахассислик бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш, касб фаолиятининг кўзланган натижаларига эришишда янги авлод техникаларидан самарали фойдаланишни жорий қилиш ва тизимли ёндашиш борасидаги илмий билим, амалий ўқув ва кўникмаларни таъминлаш;
  • интернет тармоғида ёнғин хавфсизлигига оид энг янги илмий ютуқ ва ишланмалар ҳақидаги маълумотларни мақсадга йўналган ҳолда излаш, топиш ва улардан самарали фойдаланиш;
  • республикамизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, илмий ёндашув орқали ёнғинларни ўчиришнинг янги техник воситалар ҳамда асбоб-анжомларидан унумли фойдаланган ҳолда қўллаш ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
  • республикада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий ва техник-ташкилий масалаларини ишлаб чиқиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат чора-тадбирлар белгиланган меъёрий ҳужжатларнинг янги авлодини ишлаб чиқишда амалий ёрдам бериш;
  • кафедра қошида иқтидорли курсантлар илмий тўгараги ишини ташкил этиш, курсант/тингловчиларни фан ютуқлари, илмий ишланмалар, махсус ва бошқа адабиётлар билан ишлашини, муаммо ва камчиликлар устида мунтазам шуғулланишларини таъминлаш;
  • илмий-тадқиқот натижаларини ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш.

Кафедрада ўқитиладиган фанлар:

  • Ёнғин ўчириш техникаси (ЁЎТ);
  • Ёнғин ўчириш ва қутқарув техникаси (ЁЎваҚТ);
  • Газ ва тутундан ҳимоялаш хизматини ташкил қилиш ва тайёрлаш (ГваТҲХТҚваТ)
  • Автомобиль тайёргарлиги (АТ);
  • Мутахассисликка кириш (МК);
  • Меҳнат муҳофазаси (ММ);
  • Шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари (ШваЖҲВ);
  • Бошланғич касбий тайёргарлик. (БКТ).

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ

ТАЪЛИМ

ЁЎТФ кафедраси Институтнинг ихтисослик фанларни ўз ичига олган кафедра ҳисобланиб, кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан бириктирилган ихтисослик фанларидан олий таълим доирасида «Ёнғин хавфсизлиги» ва «Техносфера хавфсизлиги» мутахассисликлари бўйича курсантлар, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курсларида тингловчилар, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш доирасида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ходимлари ва давлат аҳамиятига эга бўлган ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ва ёнғин-портлаш хавфи юқори объектларнинг раҳбар ва инженер-техник ходимлари билан маъруза, амалий (маскан) ва лаборатория машғулотлари олиб борилади.

Машғулотларни олиб боришда замонавий ўқитишнинг техник воситалари ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланилади. Ишчи дастурларга мувофиқ бевосита давлат аҳамиятига эга бўлган масканларда ўтказилиши лозим бўлган маскан машғулотлари учун алоҳида дарс соатлари ажратилган.

ИЛМ-ФАН

Кафедранинг барча ўқитувчилар таркиби томонидан доимий равишда илмий изланишлар олиб борилиши ва илмий ишлар натижаларининг ўқув жараёнига кенг жорий этилиши йўлга қўйилган. Кафедранинг «Ёнғин ўчириш техникасининг янги авлодларини ўқув жараёнига татбиқ этиш» номли Бош илмий мавзуси юзасидан ўқитувчилар таркиби томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари мунтазам равишда илмий мақола ва бошқа ишланмаларда ўз аксини топиб келмоқда.

Шу қаторда, Бош илмий мавзу юзасидан Раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари тингловчилари ва кундузги таълим курсантлари томонидан ҳам битирув малакавий ишлари бажарилмоқда. Унда асосий эътибор ёнғин хавфсизлиги хизматида мавжуд ёнғин ўчириш автомобилларининг таҳлили, шунингдек, руҳий тайёргарлик йўлакларини янги замонавий снарядлар билан жиҳозлаш ва ёнғин ўчирувчиларни тайёрлашнинг янгича тартибини такомиллаштиришга қаратилмоқда. Бажарилаётган диплом ишлари амалиёт мутахассислари томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда.

АМАЛИЁТ

Институтда жорий этилган малакавий амалиёт дастурига асосан кафедра зиммасига Саф қисми 1-курс курсантларининг Институт Ўқув ёнғин ўчириш қисмида «Ёнғин ўчирувчи» лавозимида амалиёт ўташларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилган.

Малакавий амалиётнинг асосий мақсади курсантлар томонидан назарий билимларни ўзлаштиришни амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб боришни таъминлаш, чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг ёнғин билан боғлиқ реал ва кескин вазиятлар учун руҳий ва жисмоний тайёргарлигини таъминлаш, қатъий қарорлар қабул қилиш кўникмаларини, келгусида тайинланадиган лавозимлар бўйича касбий маҳорат ҳамда амалий иш кўникмаларини ҳосил қилиш, юксак касбий тайёргарлигини, мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий ва жисмоний меҳнатга бўлган қобилиятини шакллантиришдан иборат.

САЙЁР ЎҚУВ ЙИҒИНЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2991-сонли Қарори асосида Институт профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан йилда бир марта республиканинг ҳар бир ҳудудида натижалари юзасидан тест синовлари қабул қилинадиган ва тегишли сертификатлар бериладиган объект раҳбарларининг комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил қилинмоқда.

2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилган ўқув йиғинларида кафедранинг профессор-ўқитувчилар таркиби фаол иштирок этдилар. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ДЁХХ ёнғинлар профилактикаси ва ёнғин ўчиришни ташкил этиш йўналишида фаолият олиб бораётган офицерлар таркибининг касбий тайёргарлик даражаларини аниқлаш мақсадида тасдиқланган режа асосида тест синовларидан ўтказилиши ташкил этилиши ва тест синовларининг сифатли ўтказилиши таъминланди.

Кафедранинг профессор-ўқитувчилари ДЁХХ бўлинмалари шахсий таркиби билан ташкил этилган сайёр амалий машғулотлар ўтказиш ва ёнғин профилактик-тушунтириш тадбирларни амалга оширишда доимий равишда фаол иштирок этиб келмоқдалар.

ТУРДОШ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ, ТАШКИЛОТ ВА МУАССАСАЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Тажриба алмашиш ва назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги турдош ОТМлари ва амалий идоралар билан яқин алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик меморандумлари тузилган ва самарали ишлар олиб борилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти;
  • Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация институти;
  • Тошкент темир йўл муҳандислари институти;
  • ИИВ ЁХББнинг «Моддий техника таъминоти бўлими»;
  • Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ «Моддий техника таъминоти бўлими»;
  • «SamAuto» МЧЖ;
  • «JV MAN Auto-Uzbekistan» МЧЖ.

Шунингдек, Тошкент шаҳар 18- ва 29-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари, Вазирлик Ўта мураккаб ва узоқ давом этувчи ёнғинларни ўчириш бўйича республика ихтисослаштирилган отряди, Ўзбекистон Темир йўлларига қарашли «Тўқимачи» темир йўл бекати каби масканларда амалий дарслар ташкил этилиши йўлга қўйилган.

МАЛАКА ОШИРИШ

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими доирасида кафедра профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини ошириш тизимли равишда амалга оширилади, жумладан:

  • капитан И.И.Мухамедов 2015 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида «малака ошириш ва қайта тайёрлаш» курсида;
  • капитан Ш.Б.Асомов 2017 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида «Педагогик технология ва педагогик маҳорат» курсида малака оширганлар.
  • Капитан А.П.Пардаев 2018 йил январь-февраль ойларида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида «Педагогик технология ва педагогик маҳорат» курсида ўз малакасини оширмоқда.
  • Ундан ташқари, кафедра ўқитувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимида стажировка (тажриба ўрганиш)дан ўтишлари йўлга қўйилган, жумладан:
  • капитан И.И.Мухамедов 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ «Жанговар тайёргарликни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими»да;
  • капитан А.П.Пардаев 2017 йилда Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ «Моддий техника таъминоти бўлими»да;
  • капитан Ш.Б.Асомов 2017 йилда Тошкент вилояти ИИБ ЁХБ «Моддий техника таъминоти бўлими»да;
  • лейтенант А.Б.Садиров 2017 йилда Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ «Моддий техника таъминоти бўлими»да стажировка ўтаган.

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ НАТИЖАЛАРИ

НАШРЛАР

Кафедрада олиб борилаётган услубий ва илмий ишларнинг натижаларини ўқув жараёни ва амалиётга татбиқ этиш ва фанлар бўйича ўқув-услубий материалларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш мақсадида ИИВ олий таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари, ички ишлар органлари ва давлат ёнғин хавфсизлиги ходимлари учун сўнгги йиллар давомида 10 дан зиёд янги ўқув-услубий қўлланмалар, 100 га яқин  илмий-оммабоп мақола ва тезислар нашр этилган.

2018 йилда «Ёнғин ўчириш техникаси» номли дарслигини нашр этиш режалаштирилган.

ТАНЛОВЛАР

2016/2017-ўқув йили мобайнида Институт миқёсида ўтказилган «Энг яхши маърузачи» кўрик танловида кафедра катта ўқитувчиси капитан И.И.Мухамедов фахрли 3-ўринни, «Энг яхши амалий ўқув хонаси» кўрик танловида эса 1-ўринни эгаллаган.