Ёнғин ўчириш тактикаси фанлари кафедраси

ЁНҒИН ЎЧИРИШ ТАКТИКАСИ ФАНЛАРИ КАФЕДРАСИ

Тишабоев Алишер Юлдашевич  – кафедра бошлиғи, подполковник

КАФЕДРА ЙЎНАЛИШИ

Кафедранинг мақсади – ёнғинни ўчириш учун талаб қилинадиган куч/воситаларни ҳисоблаш ва бошқаришга, ёнғинни ўчириш ишларига раҳбарлик қилиш ва ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари шахсий таркиби томонидан амалга ошириладиган жанговар ҳаракатлар кетма-кетлиги ҳамда ёнғинни кенг майдонга тарқалиб кетишининг олдини олиш учун ҳал қилувчи йўналишларни тўғри танлаш, шунингдек, фуқаро муҳофазасини ташкил қилиш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга доир ихтисослик фанлар бўйича ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар олиб бориш, шунингдек, мазкур йўналишдаги илмий-педагогик кадрларни тайёрлашдан иборат.

Кафедранинг вазифаси:

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

«Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича курсантларга

  • ёнғинларни ўчириш ва уларнинг самарали бартараф этилишини ташкиллаштириш;
  • ёнғин хавфсизлиги тизимида ёнғинларни ўчиришнинг янги тизимларини ҳамда замонавий техник воситаларни қўллаш ва мавжудларини такомиллаштириш;
  • фавқулодда вазият хавфи туғилганда ва юз берганда хабар бериш ва ахборот узатиш;
  • талафот ўчоғидаги ёнғин, радиацион ва муҳандислик ҳолатини баҳолаш ва олдиндан тахминлаш;
  • аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишни тиббий таъминлаш;
  • ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмаларининг жанговар ҳаракатларини амалга ошириш;
  • ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмаларининг тактик имкониятларидан самарали фойдаланиш;
  • ёнғинни ўчиришда талаб этиладиган куч ва воситаларни олдиндан тахминлаш ишларини амалга ошириш;
  • ёнғин хавфсизлиги гарнизонида катта ва мураккаб ёнғинларни ўчириш таянч масканлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва бунда ёнғин хавфсизлиги гарнизонининг тезкор ҳужжатларидан тўла қонли фойдаланишни ташкиллаштириш;
  • ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркибининг ёнғин-тактик ва руҳий тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш;
  • хизмат фаолияти ва иш юритиш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган махфийлик тартиботи талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;
  • ёнғин ўчириш амалий тактик машқ ва машғулотларини замонавий талаблар асосида тайёрлаш ва ўтказиш;
  • «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича махсус билимларини, касб фаолияти кўникмаларини шакллантиришга замин яратиш.

«Техносфера хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича курсантларда:

  • аҳоли ва атроф муҳитни хавфлардан ҳимоя қилиш воситалари ва услублари;
  • ёнғин билан боғлиқ ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларда аҳоли ва моддий бойликларни қутқариш услублари, куч ва воситалари;
  • инсон ва инсон фаолияти билан боғлиқ хавф-хатарлар;
  • авария, ҳалокат, табиий офатларнинг оқибатларидан корхона ходимлари ва аҳолини ҳимоя қилишнинг асосий методларига эга бўлиш ва тайёр бўлиш;
  • юқори техноген ва ёнғин хавфи бор ҳудудларни аниқлаш;
  • техноген характердаги фавқулодда вазиятлардан ҳудудларни ҳимоялаш бўйича, қутқариш воситаларини ва ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
  • корхона ва муассасаларда ҳамда аҳоли турар секторларида содир бўлган ёнғинлар билан боғлиқ ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларга оид ҳужжатларни кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш;
  • ёнғинлар билан боғлиқ ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ишларини ташкил этиш бўйича кўникма ва уқувларни шакллантиришга замин яратиш.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари бўйича тингловчиларда:

  • турли масканларни (турар жой, жамоат, саноат бинолари) лойиҳалашда ва уларни қуришда республикада амалда бўлган меъёрий ҳужжатларнинг меҳнат муҳофазасига тааллуқли талабларини бажарилганлигини назорат қилишни билиш;
  • ёнғин ўчиришнинг тактик усуллари ва техник асбоб-анжомларини янада такомиллаштириш, бу борадаги ислоҳотлар натижалари ҳамда истиқболлари, ёнғинларни самарали ўчирилишини ташкиллаштириш ҳақидаги таълимотлар;
  • содир бўлган ёнғинлар юзасидан ёнғин-техник экспертизасини тайинлаш ва ўтказишнинг асосий принципларини билиши ва бажара олиш;
  • ёнғинлар билан боғлиқ бўлган жиноятларни таснифлай олиш;
  • асосий ва махсус ёнғин ўчириш автомобилларининг механизациялашган ва механизациялашмаган қурилмалари билан ишлаш;
  • ёнғин билан боғлиқ ва техноген характердаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини, аҳоли ва ҳудудларни улардан муҳофаза қилиш, талофат ўчоғидаги ёнғинлар, ёнғин, радиацион ва муҳандислик ҳолатини баҳолаш ва олдиндан прогноз қилиш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштиришни билиш юзасидан кўникма ва малакаларни шакллантиришга замин яратиш.

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, диссертация тадқиқотларини олиб боришда докторант, мустақил изланувчи ва изланувчиларга илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш.

КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ДОИРАСИДА:

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг касбий даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, соҳага оид назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар натижалари, технологик тараққиёт ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича инновациялар, шунингдек, ёнғинларнинг олдини олишни ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни тингловчиларга чуқур ўргатиш;

давлат аҳамиятига молик ўта муҳим ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлар, махсус тармоқлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда вазирлик ва ташкилотларнинг муҳандис-техник ходимларини ўрнатилган тартибда ёнғин хавфсизлиги асосларига ўқитиш.

ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ ДОИРАСИДА:

ёнғин ва техносфера хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш, уларнинг натижаларини таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилган ҳолда амалиётга татбиқ этиш, жумладан:

  • мутахассислик бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш, касб фаолиятининг кўзланган натижаларига эришишда янги авлод техникаларидан самарали фойдаланишни жорий қилиш ва тизимли ёндашиш борасидаги илмий билим, амалий ўқув ва кўникмаларни таъминлаш;
  • интернет тармоғида ёнғин хавфсизлигига оид энг янги илмий ютуқ ва ишланмалар ҳақидаги маълумотларни мақсадга йўналган ҳолда излаш, топиш ва улардан самарали фойдаланиш;
  • республикамизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, илмий ёндашув орқали ёнғинларни ўчиришнинг янги техник воситалар ҳамда асбоб-анжомларидан унумли фойдаланган ҳолда қўллаш ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
  • республикада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий ва техник-ташкилий масалаларини ишлаб чиқиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат чора-тадбирлар белгиланган меъёрий ҳужжатларнинг янги авлодини ишлаб чиқишда амалий ёрдам бериш;
  • кафедра қошида иқтидорли курсантлар илмий тўгараги ишини ташкил этиш, курсант/тингловчиларни фан ютуқлари, илмий ишланмалар, махсус ва бошқа адабиётлар билан ишлашини, муаммо ва камчиликлар устида мунтазам шуғулланишларини таъминлаш;
  • илмий-тадқиқот натижаларини ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш.

Кафедрада ўқитиладиган фанлар:

  • «Ёнғин ўчириш тактикаси» (ЁЎТ);
  • «Ёнғинга қарши сув таъминоти» (ЁҚСТ);
  • «Фуқаролар муҳофазасининг ёнғин хавфсизлиги хизмати» (ФМЁХХ);
  • «Биринчи тиббий ёрдам» (БТЁ);
  • «Хизмат ва унга тайёргарликни ташкил этиш» (ХТТЭ);
  • «Ёнғин хавфсизлиги хизматида алоқа» (ЁХХА);
  • «Аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоялаш» (АФВХ);
  • «Алоқа ва хабарлов тизимлари» (АХТ);
  • «Техноген характердаги фавқулодда вазиятлар ва улардан муҳофаза қилиш» (ТХФВУМҚ);
  • «Фуқаро муҳофазасини ташкил қилиш» (ФМТҚ);
  • «Фуқаро муҳофазаси ёнғинга хавфсизлиги хизмати ишларини ташкил қилиш» (ФМЁХХИТҚ);
  • «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш» (АХФВМҚ).

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ

ТАЪЛИМ

Ёнғин ўчириш тактикаси фанлари кафедраси Институтнинг ихтисослик фанларни ўз ичига олган кафедра ҳисобланиб, кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан бириктирилган ихтисослик фанларидан олий таълим доирасида «Ёнғин хавфсизлиги» ва «Техносфера хавфсизлиги» мутахассисликлари бўйича курсантлар, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курсларида тингловчилар, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш доирасида Республика Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари ва объектларнинг раҳбари ҳамда инженер-техник ходимлари билан маъруза, амалий (маскан) ва лаборатория машғулотлари олиб борилади.

Машғулотларни олиб боришда замонавий ўқитишнинг техник воситалари ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланилади. Ишчи дастурларга мувофиқ аҳоли яшаш уйлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа масканларда ўтказилиши лозим бўлган маскан машғулотлари учун алоҳида дарс соатлари ажратилган.

ИЛМ-ФАН

Кафедрада ўз хизмат фаолияти давомида илмий салоҳият ва юқори тажрибага эга бўлган ходими техника фанлар номзоди доцент Ҳ.А.Қурбонов бугунги кунда самарали фаолият юритиб, ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда. Шунингдек, кафедранинг барча профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан доимий равишда илмий изланишлар олиб борилиши ва илмий ишлар натижаларининг ўқув жараёнига кенг жорий этилиши йўлга қўйилган. Кафедранинг «Саноат, ишлаб чиқариш ва халқ хўжалиги масканларида ёнғин ўчиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш» номли бош илмий мавзуси юзасидан профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари мунтазам равишда илмий мақола ва бошқа ишланмаларда ўз аксини топиб келмоқда.

Шу қаторда, бош илмий мавзу юзасидан Раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари тингловчилари ва кундузги таълим курсантлари томонидан ҳам битирув малакавий ишлари бажарилмоқда. Унда асосий эътибор, «Саноат, ишлаб чиқариш ва халқ хўжалиги масканларида ёнғин ўчиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш замонавий ва инновацион услублар билан таъминлашга қаратилмоқда. Бажарилаётган диплом ишлари амалиёт мутаҳассислари томонидан ҳам юқори баҳога баҳоланмоқда.

Кафедра ўқитувчиси катта лейтенант М.Р.Бойхурозов «Ёнғин хавфсизлигини таминлашда, алоқа локация ва навигация воситаларининг қўлланилиши» номли тадқиқот мавзуси ҳамда ўқитувчи лейтенант Х.А.Нишанбаев «Гидротехника иншоотларининг пастки рельефидаги дарё ўзани ва қирғоқларида содир бўладиган деформацион жараёнларнинг қонуниятлари» номли тадқиқот мавзуси бўйича номзодлик диссертациясини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.

АМАЛИЁТ

Институтда жорий этилган малакавий амалиёт дастурига асосан кафедра зиммасига 4-курс курсантларига «Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими (бўлинмаси) бошлиғи» ҳамда «Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисм бошлиғи ўринбосари» лавозимларида амалиёт ўташларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилган. Мазкур дастурга асосан ҳар йили амалиёт икки босқичда амалга оширилади. 1-босқичи Институт Ўқув ёнғин ўчириш қисмида «Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғи ўринбосари» лавозимида ҳамда 2-босқичи жамловчи идоралар, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЁХБ, Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ ҳамда вилоятлар ИИБ ЁХБларда «Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими (бўлинмаси) бошлиғи» ҳамда «Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисм бошлиғи ўринбосари» лавозимларида ташкил қилинади.

Малакавий амалиётнинг асосий мақсади курсантлар томонидан назарий билимларни ўзлаштиришни амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб боришни таъминлаш, чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг ёнғин билан боғлиқ реал ва кескин вазиятлар учун руҳий ва жисмоний тайёргарлигини таъминлаш, қатъий қарорлар қабул қилиш кўникмаларини, келгусида тайинланадиган лавозимлар бўйича касбий маҳорат ҳамда амалий иш кўникмаларини ҳосил қилиш, юксак касбий тайёргарлигини, мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий ва жисмоний меҳнатга бўлган қобилиятини шакллантиришдан иборат.

САЙЁР ЎҚУВ ЙИҒИНЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2991-сонли Қарори асосида Институт профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан йилда бир марта республиканинг ҳар бир ҳудудида натижалари юзасидан тест синовлари қабул қилинадиган ва тегишли сертификатлар бериладиган объект раҳбарларининг комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил қилинмоқда.

2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилган ўқув йиғинларида кафедранинг профессор-ўқитувчилар таркиби фаол иштирок этдилар. Ташкил этилган ўқув йиғинлари даврида «Тасвирий ойна» ижодий бирлашмаси билан ҳамкорликда 3500 дан ортиқ кўргазмали тарғибот материалларини тайёрлаш ва ишлаб чиқишда фаол иштирок этилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ДЁХХ ёнғинлар профилактикаси ва ёнғин ўчиришни ташкил этиш йўналишида фаолият олиб бораётган офицерлар таркибининг касбий тайёргарлик даражаларини аниқлаш мақсадида тасдиқланган режа асосида тест синовларидан ўтказилиши ташкил этилиши ва тест синовларининг сифатли ўтказилиши таъминланди.

Кафедранинг профессор-ўқитувчилари ДЁХХ бўлинмалари шахсий таркиби билан ташкил этилган сайёр амалий машғулотлар ўтказиш ва ёнғин профилактик-тушунтириш тадбирларни амалга оширишда доимий равишда фаол иштирок этадилар.

ТУРДОШ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ, ТАШКИЛОТ ВА МУАССАСАЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Тажриба алмашиш ва назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида, қуйидаги турдош Олий таълим муассасалари ва амалий идоралар билан яқин алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик меморандумлари тузилган ва самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан:

  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институти;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ «Ҳарбий сафарбарлик бўлими»;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ «Хизмат ва касбий тайёргарликни ташкил этиш бўлими»;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ «Ёнғин ўчириш куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш маркази».

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари билан кафедра фанларидан амалий машғулотларни масканларда ўтказиш бўйича алоқалар яхши йўлга қўйилган. Жумладан:

  • «Ғалла Алтег» ОАЖ корхонаси;
  • «Қорасув пахта тозалаш» заводи;
  • «ALFA GROUP» текстил корхонаси, «БИОКИМЁ» ОАЖ;
  • «Тошкент лок-буёқ заводи» ОАЖ ҚК;
  • «Uzkabel» заводи;
  • «Тошкентдонмаҳсулот» корхонаси;
  • «UZTEXTOSHKENT» МЧЖ ҚК;
  • АЖ ҚК «Мебель» корхонаси;
  • «EAST-COLOR» МЧЖ;
  • «Толип-таянч» ХК;
  • «Меридиан-Осиё» МЧЖ;
  • «Туркистон» санъат саройи;
  • «Тошкент ёғ-мой комбинати» ОАЖ;
  • «Тошкент-тола» Минтақавий пахта терминали;
  • «Тошкент Иссиқлик электростанцияси»;
  • «Кучлик нефт омбори» АЖ.

МАЛАКА ОШИРИШ

Кафедрада Институтнинг малака ошириш ва стажировка ўташ режалари асосида ёш ўқитувчиларнинг амалий идораларда стажировка ўташлари ҳамда тажрибали педагог ходимларнинг тегишли Олий таълим муассасаларида малака оширишлари йўлга қўйилган. Сўнгги йиллар давомида кафедранинг 3 нафар ходимлари стажировка ўтаган ва 4 нафари Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг Бош илмий методик марказида ҳамда бошқа Олий таълим муассасаларида муваффақиятли малака оширганлар.

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ НАТИЖАЛАРИ

НАШРЛАР

Кафедрада олиб борилаётган услубий ва илмий ишларнинг натижаларини ўқув жараёнига татбиқ этиш, фанларни янги авлод дарсликлари билан таъминлаш ҳамда ўқув-услубий материалларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш мақсадида 2017 йилда А.Ҳ.Қўлдошев, Э.Э.Сабиров ва С.С.Султоновлар ҳаммуаллифлиги остида «Ёнғин ўчириш тактикаси» дарслиги нашр этилди.

ТАНЛОВЛАР

2016/2017-ўқув йили мобайнида Институт миқёсида ўтказилган кўрик танловларда кафедра ўқитувчиси катта лейтенант А.Н.Содиқов «Энг яхши амалий машғулот ўқитувчиси» кўрик танловида фахрли 3-ўринни эгаллаган.