Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси

ГУМАНИТАР ВА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ФАНЛАР КАФЕДРАСИ

КАФЕДРА ЙЎНАЛИШИ

Кафедранинг мақсади – умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билан узвийлик ҳамда узлуксизликни инобатга олган ҳолда курсантларда ихтисослик фанларини ўрганиш ва чуқур эгаллаш учун зарур бўлган гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар бўйича билимларни, амалий кўникма ва уқувларни шакллантириш.

Кафедранинг вазифаси:

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

«Ёнғин хавфсизлиги» ва «Техносфера хавфсизлиги» мутахассисликлари бўйича курсантларда

  • гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар асосида илмий дунёқарашга доир билимлар, давлат сиёсатининг долзарб масалалари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш;
  • табиат ва жамиятда юз бераётган жараён ва ҳодисалар ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш, инсоннинг маънавий қиёфаси ҳақида билимларга эга бўлиш, улардан ҳаётда ва касбий фаолиятида ҳамда замонавий илмий тадқиқотларда фойдалана олиш;
  • янги билимларни мустақил ўзлаштира олиш, такомиллаштириш ва ўз меҳнатини илмий асосда ташкил қила билиш;
  • ўз устида ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш ва ўз касбий, маънавий ва маърифий билимини такомиллаштириш кўникмасига эга бўлиш;
  • ўзининг шахсий дунёқараши орқали ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муаммоларни тушуниш ва уларни таҳлил қилиш;
  • шахснинг инсон, жамият, атроф муҳитга бўлган муносабатини тартибга солувчи маънавий ва ахлоқий фазилатлардан касбий фаолиятида унумли фойдаланиш;
  • миллий маданий ва умуминсоний қадриятлар бўйича ўз қарашларини илмий асослаш ва ифодалашни билиш, миллий ғояга амал қиладиган кенг дунёқарашга эга бўлиш;
  • мустақил ишлаш кўникмасига эга бўлиш;
  • анъанавий қадрият компетенцияларига эга бўлиш (маданият, илм, ишлаб чиқариш қадриятларни тушуниш);
  • тарихий мерос ва маданий анъаналарга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, ижтимоий ва маданий фарқларни бағрикенглик билан қабул қилиш, келишмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олишни билиш, ҳамкорликка тайёр туриш компетенцияларига эга бўлиш;
  • хорижий (рус, инглиз) тилларида ёзма ва оғзаки нутқ сўзлашув даражасидан кам бўлмаган даражада хорижий тилларни ўзлаштирган бўлиши, тушунарли матнлар яратиш услубларини ўргатиш;
  • нутқ маданиятини тўғри шакллантириш, тил меъёр талабларига амал қилиш, сўзларни аниқ талаффуз қилиш ва ифодалашни шакллантиришга замин яратиш.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курслари бўйича тингловчиларда

  • илмий дунёқарашга доир билимлар тизимини эгаллаш, гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар асосини, давлат сиёсатининг долзарб масалаларини билиш;
  • ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олиш;
  • ёнғин хавфсизлигига оид бўлган профилактик тадбирларда нутқ маданияти талабларига амал қилиш, сўзларни тўғри танлаш ва ундан тўғри фойдалана олиш;
  • юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, ҳалоллик, адолат, жасорат туйғулари ва маънавий қадриятларга содиқлик;
  • хизмат бурчини бажаришга виждонан ёндашиш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, фуқароларга беғараз ёрдам бериш, моддий ва маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш, миллий қадриятларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
  • ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг мазмуни ва бугунги аҳволи, мақсади ва вазифалари, уни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг асослари ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимига доир касбий билимларни шакллантириш;
  • жамоада ва фуқаролар билан муомала қилишда юқори нутқ маданияти ва маҳорати ҳамда нотиқлик санъати бўйича зарур даражадаги кўникмаларга эга бўлиш;
  • аҳоли ўртасида ҳуқуқий-тарғибот ишларини олиб бориш;
  • қўл остидаги шахсий таркибни тарбиялаш, ўз ортидан эргаштира олиш, касбий тайёргарлигини ошириб бориш ва жамоада соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш;
  • раҳбарнинг нотиқлик маҳорати моҳияти, унга қўйиладиган талаблар, нотиқлик маҳоратини ривожлантирувчи ва унга таъсир кўрсатувчи омиллар, нотиқлик санъатининг ижтимоий-психологик ҳолатларини ўрганиш ва улардан фойдаланиш ҳақида зарур касбий билимларни, нотиқлик маҳоратини эгаллаш ва жамоатчилик олдида сўзга чиқиш, нутқ орқали атрофдагиларга таъсир кўрсата олиш бўйича кўникма ва малакаларини шакллантириш;
  • жамоадаги ижтимоий-психологик муҳит ва муносабат, ходимлар ўртасида кескин вазиятларнинг олдини олишнинг психологик механизмлари, раҳбар фаолиятининг ижтимоий-психологик таҳлили, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига доир зарур касбий билимларни, бошқарув фаолиятида психологик билимлар ва усуллардан фойдалана олиш, шахсга психологик таъсир кўрсата олишга доир кўникма ва малакаларни шакллантиришга шакллантиришга замин яратиш.

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ ДОИРАСИДА:

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, диссертация тадқиқотларини олиб боришда докторант, мустақил изланувчи ва изланувчиларга илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш.

ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ ДОИРАСИДА:

илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ёнғин ва техносфера хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш, уларнинг натижалари бўйича таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилган ҳолда амалиётга кенг жорий этиш, жумладан:

  • кафедранинг йўналишига оид мавзулар ҳамда мутахассислик бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш, касб фаолиятининг кўзланган натижаларига эришишда жараёнларни моделлаштириш ва тизимли ёндашиш борасидаги илмий билим, амалий ўқув ва кўникмаларни таъминлаш;
  • тегишли илмий-тадқиқот институтлари ва илмий марказларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид долзарб мавзулар бўйича илмий тадқиқотлар ҳамда фанларни ўқитиш методикаси бўйича изланишлар олиб бориш;
  • илмий тадқиқотлар ишлари асосида тажрибалар ўтказиш ҳамда янги илмий ва амалий натижалар олиш, олинган натижалар асосида илмий мақола ва тезислар ёзиш;
  • интернет тармоғида тегишли мавзуга оид энг янги илмий ютуқлар ҳақидаги маълумотларни мақсадга йўналган ҳолда излаш, топиш ва улардан самарали фойдаланиш;
  • кафедранинг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар натижалари ва илмий ютуқлари бўйича халқаро ва республикада ўтказилаётган конференцияларда, илмий журналларда илмий мақола ва тезислар чоп этиш;
  • кафедра қошида иқтидорли курсантлар илмий тўгараги ишини ташкил этиш, курсант ва тингловчиларни фан ютуқлари, илмий ишланмалар, махсус ва бошқа адабиётлар билан ишлашини, муаммо ва камчиликлар устида мунтазам шуғулланишларини таъминлаш.

Кафедрада ўқитиладиган фанлар:

  • Ўзбекистон тарихи;
  • Фалсафа;
  • Маънавият асослари;
  • Иқтисодиёт назарияси;
  • Рус тили;
  • Инглиз тили;
  • Миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар;
  • Бошқарув психологияси;
  • Ёнғин хавфсизлигининг мантиқий-таҳлилий асослари;
  • Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари;
  • Нутқ маданияти ва маҳорати, нотиқлик санъати.

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИ

ТАЬЛИМ

Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси Институтнинг гуманитар фанларини ўз ичига олган кафедра ҳисобланиб, кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан бириктирилган фанлардан олий таълим доирасида «Ёнғин хавфсизлиги» ва «Техносфера хавфсизлиги» мутахассисликлари бўйича курсантлар ва Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбар кадрларни тайёрлаш олий курсларида тингловчилар билан маъруза ва амалий машғулотлари олиб борилади.

Машғулотларни олиб боришда замонавий ўқитишнинг техник воситалари ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланилади.

ИЛМ-ФАН

Кафедрада хизмат фаолияти давомида илмий салоҳият ва юқори тажрибага эга бўлган ходимлардан тарих фанлари номзоди, Д.Д,Бахронов ва тарих фанлари номзоди, доцент Д.Ф.Хашимова ва фалсафа фанлари номзоди Р.С.Реимбаевлар бугунги кунда самарали фаолият юритиб, ёшларга ўрнак бўлиб келмоқдалар. Шунингдек, кафедранинг барча профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан доимий равишда илмий изланишлар олиб борилиши ва илмий ишлар натижаларининг ўқув жараёнига кенг жорий этилиши йўлга қўйилган. Кафедранинг «Ёнғин хавфсизлиги институти ташкил топиш тарихи: тажриба ва истиқболи» номли Бош илмий мавзуси юзасидан профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари мунтазам равишда илмий мақола ва бошқа ишланмаларда ўз аксини топиб келмоқда.

Ҳозирги кунда кафедра ўқитувчиси майор Н.К.Ўразбаев «Ўзбекистонда Ёнғин хавфсизлиги тизимининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари XX-XXI аср бошлари» мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқдалар.

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ

Кафедра ўқитувчиси майор Н.К.Ўразбаев 2016 йилдан Ўзбекистон миллий университети мустақил тадқиқотчиси сифатида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун «Ўзбекистонда Ёнғин хавфсизлиги тизимининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари XX-XXI аср бошлари» мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

САЙЁР ЎҚУВ ЙИҒИНЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2991-сонли Қарори асосида Институт профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан йилда бир марта республиканинг ҳар бир ҳудудида натижалари юзасидан тест синовлари қабул қилинадиган ва тегишли сертификатлар бериладиган объект раҳбарларининг комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил қилинмоқда.

Кафедра профессор-ўқитувчилари 2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Хоразм ва Навоий вилоятларида ташкил этилган ўқув йиғинларида, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида Хоразм ва Навоий вилоятлари ДЁХХ ёнғинлар профилактикаси ва ёнғин ўчиришни ташкил этиш йўналишида фаолият олиб бораётган офицерлар таркибининг касбий тайёргарлик даражаларини аниқлаш мақсадида тасдиқланган режа асосида тест синовларидан ўтказилишида ҳам фаол иштирок этдилар.

Кафедранинг профессор-ўқитувчилари ДЁХХ бўлинмалари шахсий таркиби билан ташкил этилган сайёр амалий машғулотлар ўтказиш ва ёнғин профилактик-тушунтириш тадбирларни амалга оширишда доимий равишда фаол иштирок этиб келмоқдалар.

ТУРДОШ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ, ТАШКИЛОТ ВА МУАССАСАЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Тажриба алмашиш ва назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги турдош Олий таълим муассасалари ва амалий идоралар билан яқин алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик меморандумлари тузилган ва самарали ишлар олиб борилмоқда:

  • Мирзо Улугбек номидаги Ўзбекистон миллий университети «Ўзбекистон тарихи» ва «Умумий психология» кафедралари;
  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Акдемияси «Тилларни ўрганииш» кафедраси;
  • Тошкент Кимё технологиялар институти «Фалсафа ва маънавият асослари» кафедраси;
  • Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти «Тил тайёргарлиги» кафедраси.

МАЛАКА ОШИРИШ ВА СТАЖИРОВКА

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими доирасида кафедра профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини ошириш тизимли равишда амалга оширилади, жумладан:

кафедра бошлиғи, подполковник Д.Д.Бахронов 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош илмий методик марказида малака оширган;

кафедра доценти, подполковник Д.Ф.Ҳошимова 2016 йилда Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида малака оширган;

кафедра ўқитувчиси майор Н.К.Ўразбаев 2017 йилда Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида малака оширган.

КАФЕДРА ФАОЛИЯТИНИНГ НАТИЖАЛАРИ

НАШРЛАР

Кафедрада олиб борилаётган услубий ва илмий ишларнинг натижаларини ўқув жараёни ва амалиётга татбиқ этиш ва фанлар бўйича ўқув-услубий материалларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш мақсадида ИИВ олий таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари учун сўнгги йиллар давомида 6 та ўқув қўлланма ва дарсликлар, 1 та маъруза матнлари тўплами, 100 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилган.

ТАНЛОВЛАР

Кафедра профессор-ўқитувчилари республика ва Институтда ўтказиладиган турли кўрик танловлар, илмий конференция ва олий таълим тизимида таҳсил олаётган талабалар ўртасидаги фан олимпиадаларда муносиб қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаганлар. Жумладан, кафедра катта ўқитувчиси, подполковник М.Ю. Бадалбаева 2017 йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Хорижий тилларни ўқитишда инновацион ривожлантириш илмий марказида ўтказилган илмий конференцияда энг яхши тезиси билан иштироки учун сертификат билан тақдирланган.